2024-06-03 14:23:45
Кошки бошимга бу иш тушмаса...
Дард сўйлатади дейди катталар. Изтироб чекаётган одам тилига келганини қайтармайди. Ҳамма нарсага, ҳаммага исён қилгиси келади. Оғриқ зўридан инграган одамнинг нолаларидек, изтироб чекаётган одамнинг нима деётганини билиб бўлмайди. Нега фақат мен?! деб сўрайди ўзидан ўзди. Шунча одам бор, шунча ёмонлик қиладиган борда, нега улар эмас, мен?! Ўзини изтироб чекишга лойиқ деб билмайди инсон. Баъзан Кошки дея бошланадиган пушаймонликлар инсоннинг ич-этини ейди. Гоҳида Яна менми?! дея бошланадиган ҳаётдан олинган аччиқ сабоқлар тилга олинади. Баъзида эса, Кошки бошимга бу иш тушмаса эди. Бошқа ташвишим, ғаму қайғум бўлсада, бу мусибатни кўрмасам эди деб исён қилади инсон. Кошки бошимга бу иш тушмаса эди! деганлар имтиҳонни тушунмабди демак...Кошки... Бир шогирдимнинг чақалоғи фалажлик билан туғилибди. Она сифатида фарзандини қаттиқ яхши кўришини, аммо фарзанди билан синалаётгани оғирлик қилаётганини айтганди. Ҳар бир машаққатнинг изтироби бор. Лекин фарзанди билан синалиш менга жуда оғирлик қиляпти дея дард дафтарини очган онаизорга таскин беришнинг имкони йўқ эди. Аммо шогирдим дардини шундай изоҳладики, мен унга тасалли бермаган бўлсамда, айтганларидан чиройли хулосага келдим. Онаси доимо қизига қайнонасидан чеккан азобларини гапириб берган. Онасидан эшитганлари сабабли бувисини ёмон кўриб улғаяди. Опаси турмушга чиққанида ҳам уйда шу муаммолар муҳокама қилинган. Опаси ҳам уйга келса қайнонасини ёмонлашдан тинмасмиш.
Шогирдим қайнона диққат марказда бўлган оилавий муаммолардан шунчалик безиб кетганки, Ё Роббим, менга қайнонадан қайғу берма, бошқа нима билан синасанг синайвер дея такрорлайдиган бўлибди. Онасига ва дугоналари даврасида асло қайнона билан яшамаслигини, мумкин бўлса онаси вафот этган бирор одам билан турмуш қуришини айтиб юрган. Аллоҳ истаганини берибди. Совчиликка келган йигитнинг онаси вафот этганини эшитиб ич-ичидан суюнибди. Чиройли тўй бўлиб турмуш қуришибди. Беш йил орасида иккита соғлом фарзандли бўлишибди. Қайнона қайғуси! онаси ва опасидан эшитган эртак бўлиб қолибди. Учинчи фарзанди ногирон туғилганида хонадонига ғам кўланкаси соя солибди. Бир неча ой ногирон болани қабул қилолмабди. Бир умр ногирон бола парвариш қилишга мажбурликдан эзилаётган экан. Фарзанди чекаётган дард учун унинг юраги ўртанаётганди. Вақт ўтиб кўникибди ва тақдирига бўйин эгибди. Буларни гапираётиб шогирдим кўзларидан оққан ёш билан Кошки менда қайнона муаммоси бўлсаю, фарзандим соғ бўлса эди деди... Самимият билан дард тўла кўнглини менга очган шогирдидан ҳаёт сабоғини олган ўқитувчи бўлдим мен. Кошки бу дард билан имтиҳон қилинмасам эди деганларга бу ҳаёт сабоғини мен ҳам айтиб бермоқдаман.
"Иймон ва ҳузун" китобидан.
Каналимиздан узоклашманг
https://telegram.me/joinchat/CACwEUERDHP6Ikw7PyuNDw
13.6K viewsمحمدأيوبخان ابن أومرخان, 11:23