Get Mystery Box with random crypto!

ҚЎЧҚОР НОРҚОБИЛ КИТОБСИЗЛИК КАСАЛИ ҲАҚИДА                     | ЯНГИ-ЯНГИЙЎЛ(портал)

ҚЎЧҚОР НОРҚОБИЛ КИТОБСИЗЛИК КАСАЛИ ҲАҚИДА
                    
Қўчқор Норқобил ёзади: Биз яшаётган муҳит “китобсизлик касали”га чалиниб бўлди. Бунинг хавфи вабодан кам эмас. Вабони қайтариш учун мажбурий эмланади, беморни мажбурлаб бўлса-да даволайдилар. Чунки, ўлат бошқаларга юқмаслиги керак. 

Танадаги хасталикни дори-дармон билан бир амаллаб енгиш мумкин. Оллоҳнинг мадати билан тиббиёт беморнинг жонига ора киради. Бироқ, ўқимаслик касалига учраб, руҳий мажруҳликка йўлиққан авлодни қандай тузатмоқ мумкин? 
       Ваҳима қилмаяпман,  кўриб - билиб турганимни гапираяпман.
      Ишонасизми, Олий ўқув масканига ҳужжат топширган ўсмир ўн бир йил давомида битта ҳам бадиий китоб ўқимаганини тан олди.

Имтиҳонда қатнашаётган Устозимиз,  машҳур шоир қўлига китобни олиб кўрсатди:
      ---- Болам,  мана шу китоб. Қара,  шуни китоб дейдилар,  --- иҳради.
     Ботинини не ўй кемиргани Устознинг ўзига аён. 
       Ишонмайсиз-а? Ишонадиган гапмас бу,  бироқ ўша ўсмир мен ва бир неча ҳамкасбим қаршисида ижодий имтиҳон пайтида тан олди:  “Битта ҳам китоб ўқимаганман, энди ўқийман, ўқишга кирсам...”,  ---деди. Оёғим остидаги ер қаттиқ, бошимдаги осмон узоқ эди. Нима дейишимни билмай қолдим, бошим ғувиллади. Яна бир укамиз  “Ўткан кунлар”ни Тоҳир Малик ёзган деди. Қулоқларим тош битмади, ҳайрият.
     
Бири эса улуғ шоиримизни таниқли актёр билан адаштирди, адаштирди эмас, “Ўзбегим” деган шоҳ қасидани актёримиз Эркин Комилов ёзган деди.
— Эркин Воҳидовни эшитганмисиз?
— Йўқ, эшитмаган эканман...
  Ишонмайсиз-а? Лекин биз бу шармандаликнинг гувоҳи, айни ўзимиз ҳам шарманда эдик.
     Имтиҳонда иштирок этаётган адиблардан бири қайсидир бир укамизга қараб тоқати тоқ бўлди ва:
— Укажон, майли бизга бештагина ўзбек ёзувчисини санаб бер, — деди мунғайиб.
  Ишонмайсиз. Лекин... Ҳалиги ёш авлодимиз вакили ҳеч бўлмаса беш нафар ўзбек адибининг номини айтолмади.

Шунда менинг ҳаёлимга “китобсизлик касали” деган тушунча чўкди.
  Бу касаллик бугунги авлод орасида тарқала бошлаганини Сиз ҳам сезаяпсизми?
     Ё,  мен ваҳима қилаяпманми - а?!

Қўчқор Норқобилов


Янгийўл ҳақида энг тезкор маълумотлар  канали
@YANGI_YANGIYOL_BU‌‌