2023-06-01 07:32:34
Тошкентда ўтказилган ҳамширалик иши бўйича халқаро анжуманда қандай масалалар муҳокама қилинди?
Пойтахтимиздаги Hilton меҳмонхонасида “Марказий Осиёда ҳамширалик ва акушерлик ишини ташкил этишда янгича ёндашув” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази масъуллари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) каби қатор нуфузли ташкилотлар вакиллари, шунингдек дунёнинг 20 яқин мамлакатларидан келган мутахассис ва тадқиқотчилар иштирок этди.
Кузатишлар шуни кўрсатадики, беморлар ва ҳамширалар ўртасидаги алоқалар уларнинг тиббиёт ходимлари билан умумий муносабатининг қарийб 90 фоизини ташкил этади.
Яъни аҳоли саломатлигини асраш ва касалликлар профилактикасида ўрта тиббиёт ходимларининг ўрни беқиёс. Қолаверса, ҳамшираларнинг ўз салоҳиятини тўла рўёбга чиқариши учун шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда самарали натижа беради.
Икки кун давом этган халқаро анжумандан кўзланган мақсад ҳам ана шундан иборат.
Мазкур конференция
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳамширалик ва акушерлик иши бўйича 2021 – 2025 йилларга мўлжалланган глобал стратегик йўналишлари доирасидаги тадбирларни амалга оширишга бағишланган.
Тадбирда сўзга чиққанлар ҳамширалик касбининг моҳияти, ўрта тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш, билим ва малакасини ошириш соғлиқни сақлаш соҳаси ривожи учун таъсирчан чора эканини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, ҳамширалар ва акушерларни ўқитиш, рўйхатга олиш ва лицензиялаш, бу йўналишда илмий тадқиқотлар олиб бориш каби масалалар ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
Конференция давомида хорижий экспертларнинг
2021 – 2025 йилларга мўлжалланган ҳамширалик ва акушерлик ишининг глобал стратегик йўналишлари, бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимида ҳамшира ва акушерлар фаолияти, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, паллиатив ёрдамни ташкил этишда ўрта тиббиёт ходимларининг ўрни каби қатор мавзулардаги маърузалари тингланди.
Анжуман якунида резолюция қабул қилиниб, ундан ҳамширалик ва акушерлик ишини халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этиш, бу йўналишда таълимни такомиллаштириш, соҳа ходимлари учун ахборот материалларини ишлаб чиқиш ва чоп этиш каби масалалар ўрин олди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
555 views04:32