Get Mystery Box with random crypto!

​#ХОЛИС_ЭСЛАТМА Рамазон ойи ва унинг фазилатларига оид заиф в | Sog'lom hayot sari...

#ХОЛИС_ЭСЛАТМА

Рамазон ойи ва унинг фазилатларига оид заиф ва мавзуъ – тӯқима ҳадислар.

Рамазон ойига оид заиф ва сохта, уйдирма ҳадислар халқ орасида кенг тарқалган.
Аллоҳга ҳамдлар бӯлсинки, катта муҳаддис олимлар бундай ҳадислар ҳақидаги аниқ ҳукмларни баён қилиб кетишган.
Шунинг учун биз ушбу ҳадисларга эътибор қаратишимиз керак.

Қуйида Рамазон ойига оид, ӯз навбатида мутақаддим (олдинги) уламолардан, жумладан Имом Аҳмад, Ибн Ҳузайма, Байҳақий, Ибн Саъд, Ибн Аби Ҳайсама, Ибн Маъин, Ибн Аби Хотим, Ибнул Жавзийлар ва кейинги муҳаққиқ муҳаддис уламолар томонидан
жуда заиф ҳадис, яъни амал қилишга яроқсиз ва мавзуъ – тӯқима, сохта ҳадис деб эътироф этилган баъзи ҳадисларнинг айримларини келтириб ӯтамиз:

1) "Рўза тутинглар – саломат бўласизлар".

2) "Агар бандалар рамазонда бериладиган ажр-мукофотни билганларида, умматим тўлиқ бир йил рамазон бўлишини орзу қилган бўлар эдилар".

3) "Эй Аллоҳ! Ражаб ва шаъбон ойини бизларга баракотли қилгин ва
рамазонга (соғ саломат) етказгин".

4) "Ким рамазонда узрсиз рўзасини очиб юборса, тўлиқ бир йил рўза тутса ҳам қазосини ўтай олмайди".

5) "Ким рамазон ойи Маккада бўлиб рўзасини тутса, имконияти етгунча тунги намозни ўқиса, Аллоҳ унга юз минг рамазон ойининг мукофотини беради".

6) "Рамазон ойи (рўзаси) фитр закоти берилмагунича юқори кўтарилмай осмон билан ернинг ўртасида муаллақ осилиб туради."

7) "Рамазоннинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод бўлишдир".

8) "Рўзадорнинг уйқуси ҳам ибодатдир..."

9) "Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам (ғийбат билан шуғилланган икки аёл ҳақида) шундай дедилар:" Бу иккиси Аллоҳ ҳалол қилган нарса билан рўза тутиб, Аллоҳ ҳаром қилган нарса билан рўзасини очдилар".

10) " Бандаларимнинг менга энг маҳбуби, ифторга шошиладиганлари".

11) "Жаннат бир йилдан иккинчи йилга ўтишда рамазон ойи кириши муносабати билан хушбўйланиб, зийнатланади. Оҳу кўз ҳурлар виқор билан юрадилар".

12) "Хақиқатда, Аллоҳ рамазон ойида мусобақаларингизга қарайди. Ўзингиздаги яхши амалларингизни Аллоҳга кўрсатинглар".

13) "Аллоҳ таоло рамазоннинг ҳар кечасида олти юз минг кишини дўзахдан озод қилади. Рамазоннинг охирги кечасида эса ўтиб кетган инсонлар сонича дўзахийларни озод қилади".

14) "Рамазон ойида Аллоҳни зикр қилувчининг гуноҳи мағфират қилинади. Бу ойда Аллоҳдан сўрагувчи ноумид бўлмайди".

15) "Мадинада ўтказилган рамазон бошқа шахарларда ўтказилган рамазондан минг марта яхшироқ".

16) "Агар рўзадор бўлсангиз эрталаб тиш ювманглар, кечки вақт ювинглар".

17) "Ким рамазонда ўн кун эътикоф ўтирса, икки марта ҳаж ва умра қилгандек бўлади".

Демак, юқорида зикр қилинган ҳадислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бӯлмаган. Уларга амал қилинмайди.
Валлоҳу аълам

Дониёр Файз манбалар асосида тайёрлади.

@doniyorqori