Get Mystery Box with random crypto!

ОТА-ОНАМНИНГ НАМОЗ ВА РЎЗАЛАРИ ҚАЗОСИНИ МЕН АДО ЭТСАМ БЎЛАДИМИ | Шош ҳанафийлари

ОТА-ОНАМНИНГ НАМОЗ ВА РЎЗАЛАРИ ҚАЗОСИНИ МЕН АДО ЭТСАМ БЎЛАДИМИ?
#намоз

САВОЛ: Вафот этган ота-онамнинг қазо намозлари ёки рўзаларини мен адо этсам бўладими?

ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бўлмайди. Чунки намоз кимни зиммасига фарз бўлган бўлса, шу одамни ўзи уни адо қилиши билан унинг зиммасидан соқит бўлади. Кишининг зиммасига фарз бўлган намоз ёки рўзани бошқа киши адо қилиши билан биринчи кишининг номидан ўтмайди. Бу ҳақда “Фатовои Татархония” китобида бундай дейилган:

وَلَوْ أَمَرَ الْأَبُ ابْنَهُ أَنْ يَقْضِيَ عَنْهُ صَلَوَاتٍ وَصِيَامَ أَيَّامٍ لَا يَجُوزُ عِنْدَنَا

яъни: “Агар ота ўғлига ўзини номидан намоз ва рўзаларининг қазосини адо қилишга буюрса, бу нарса бизнинг мазҳабимизда жоиз эмас”.

Демак, тирик ёки вафот этган киши қазо қилган намоз ва рўзаларни уни фарзандлари адо қилишлари билан тирик ёки вафот этганнинг зиммасидан бу қарзлар соқит бўлмайди. Чунки, намоз холис баданий ибодат бўлиб, уни бажаришда киши ўзидан бошқани ўринбосар қилишига шариатимиз рухсат бермайди. Лекин, киши намоз ўқиб ёки бошқа ибодатни қилиб, савобини вафот этганларга бағишласа ёки ҳадя қилса, бу тўғри ва дуруст бўлади. Бу ҳақда Имом Зайлаий “Табйинул ҳақоиқ” номли китобда бундай деганлар:

الأصل في هذا الباب أن الإنسان له أن يجعل ثواب عمله لغيره عند أهل السنة والجماعة صلاة كان أو صوماً أو حجاً أو قراءة قرآن أو أذكارا إلى غير ذلك من جميع أنواع البر، ويصل ذلك إلى الميت وينفعه.

яъни: “Бу масаладаги қоида шуки, киши қилган амалининг савобини бошқага бағишлаши Аҳли сунна вал жамоа эътиқоди бўйича дурустдир. У қилган амали намоз, рўза, ҳаж, Қуръон тиловати, зикру тасбиҳлар каби савоб ишлар бўлиши мумкин. Ушбу қилинган яхши амалларнинг савоби вафот этганларга етади ва фойда қилади”.
Бу ҳақда “Фатовои ҳиндия” китобида шундай дейилган:

أَنَّ الْإِنْسَانَ لَهُ أَنْ يَجْعَلَ ثَوَابَ عَمَلِهِ لِغَيْرِهِ صَلَاةً كَانَ أَوْ صَوْمًا أَوْ صَدَقَةً أَوْ غَيْرَهَا كَالْحَجِّ وَقِرَاءَةِ الْقُرْآنِ وَالْأَذْكَارِ وَزِيَارَةِ قُبُورِ الْأَنْبِيَاءِ عَلَيْهِمْ الصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ وَالشُّهَدَاءِ وَالْأَوْلِيَاءِ وَالصَّالِحِينَ وَتَكْفِينِ الْمَوْتَى وَجَمِيعِ أَنْوَاعِ الْبِرِّ

яъни: “Киши қилган амалининг савобини бошқага бағишлаши мумкин. Қилган амали – намоз ўқиш, рўза тутиш, хайр-эҳсон ва садақа қилиш ёки ҳаж қилиш, Қуръон тиловати ва зикр-тасбиҳлар қилиш, пайғамбарлар, шаҳидлар, авлиёлар ва солиҳларнинг қабрларини зиёрат қилиш, вафот этганни кафанлаш ва бошқа турли яхши амаллар бўлиши мумкин”.

Демак, вафот этганларнинг қазо намоз ёки рўзаларини тириклар уларнинг номларидан адо қилиши дуруст эмас, лекин тириклар нафл намоз ва рўза каби ибодатларни қилиб, савобини вафот этганларга бағишлаши дуруст ва бу вафот этганларга катта яхшилик қилишга киради. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.


Яқинларингиз ва дўстларингизга улашинг.
┈┉┅━❀ ❀━┅┉┈
Улашинг: http://t.me/shoshhanafiy