2023-05-14 09:28:47
Ўрта аср. Германия. Суд иши.Бу воқеа ўрта асрлар Германиясида юз берган эди.
Бадавлат савдогарлардан бири Франкфуртдаги бозорда ичида 800 гульден пули бор хамёнини йўқотиб қўяди. Бу пул ўша даврда катта миқдорни ташкил қилар эди, масалан битта яхши от 40 гульден турарди. Тасаввур қилинг 20 та от сотиб олишга етадиган пулни йўқотган одамнинг қандай ахволга тушганини.
Ўша куни шу шаҳарда яшовчи бир халол дурадгор уста оғиргина хамённи кўчадан топиб олади, уста хамённи эгаси чиққунича ўз уйида сақлашга қарор қилганди. Уста пулларни санаб кўргач унинг 800 гульден эканлигини билиб, яшириб қўяди ва бу хақида хеч кимга айтмайди.
Якшанба кунги ибодат чоғида черков рухонийси- бир бадавлат савдогарни 800 гульден пули бор хамёнини йўқотиб қўйганини, ким хамённи топган бўлса қайтариб беришини илтимос қилиб, эвазига ўша савдогар 100 гульден суюнчи пули беришга тайёр эканлигини халққа эълон қилади. Албатта ўта халол одам бўлган дурадгор черков пасторига 800 гульдени бор хамённи келтириб беради. Пастор эса савдогарни чақириб гувохлар олдида хамённи топширади. Бой савдогар пулларини санаб олгач, ваъда қилинган 100 гульден ўрнига дурадгорга бор йўғи 5 гульден беради ва халол одам бўлган дурадгорни-"Хамёнда 900 гульден пул бор эди,ундан 100 гульденини ўзинг олиб қўйгансан, сенга 5 гульден хам етади! "дея хақорат ва дурадгор га тухмат хам қилади.
Шундай маккорлик- хийла йўли билан қурумсоқ бой ўз пулларини иқтисод қилиб қолмоқчи эди.Аммо у лавз қилиб қўйганди. Дурадгор савдогарнинг ўзини ўғриликда, нохолисликда айблаб гапирган гапларидан жахли чиқиб-" Мен худодан қўрқадиган одамман! Мен сенинг бир гульден пулингни хам олганим йўқ,хамёнингда қанча пул бўлса,ўшанчасини бус-бутун қайтариб бердим " дейди. Дурадгорнинг ўта халол одам эканлигини черков рухонийси хам тасдиқлайди ва ваъда бўйича 100 гульден пулни беришни савдогардан талаб қилади.Бироқ хасис бой ўз сўзида туриб олади.
Савдогар ва дурадгор узоқ бахслашадилар.Рухоний уларнинг бахсларини қонуний хал қилиш учун шаҳар махкамаси, яъни судига олиб боради.
Бу суд иши бир неча кун давом этади ва шаҳар ахолисининг диққатини ўзига жалб қилади.Одамлар судга билет сотиб олиб кира бошлайдилар. Суд қарори чиқадиган кун зал халойиқ билан тўлиб-тошиб кетган эди.Хамма бу пулли бахсни қандай якунланишини хаёжон билан кутмоқда эдилар.
Судья дастлаб савдогарга мурожаат қилади- " Сен айнан 900 гульден пулни йўқотганингга қасам ича оласанми?"
Савдогар киприк хам қоқмасдан ўзини хақлигини айтиб, инжилни ушлаб қасам ичиб юборади.
Шундан кейин судья дурадгорга қараб-" Сенчи ростан хам 800 гульден топиб олганинг тўғрисида қасам ича оласанми?" деб сўрайди. Дурадгор вазмин холда инжилни ушлаб ўзини хақлигини айтиб қасам ичади.Ўша даврларда инжил билан қасам ичиш бу жуда жиддий масала эди.
Ишни ўрганиб чиққан судья қарор чиқаради
Савдогар дастлаб 800 гульден пулни йўқотганини айтган экан, бироқ пул топилгач у ўз фикрини ўзгартириб 900 гульденни йўқотганини эътироф этган. Шунинг учун унинг иккинчи фикрини тўғри деб топдик ва бу хамён уники эмас деган қарорга келдик . Жамият хурматидаги халол одам бўлган дурадгорга ишонмасликка хаққимиз йўқ, шунинг учун ўша 800 гульден пул хаққиқий эгаси топилгунигача қадар хамён дурадгорга қайтарилсин. Агар уч ой ичида хамённинг хақиқий эгаси топилмаса дурадгор бу пулларни ўз хохишига кўра ишлатиши мумкун!
Франкфуртдаги суд махкамаси адолатли хукм чиқарган эди, халоллик мукофотланиб, фириб ва очкўзлик жазоланган эди. Ана шундай адолат устивор бўлган жамиятларгина қудратли мамлакатларни туза оладилар ва шонли тарихни ярата оладилар.
Манба:- бу ривоят ёзувчи ва рухоний бўлган Йоханнес Паулининг "Scherz und Ernst" ( хазил ва жиддийлик) китобидан олинган.Китоб 1506 йил Германияда босиб чиқарилган экан.
489 viewsGulrux Maxmudovna, edited 06:28